Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев бошчилигидаги юртимиз делегациянинг Ўмонга ташрифи доирасида Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тадбирлар ўтказилди.
Ўзбекистон туризм салоҳиятига бағишланган тадбирларни Мукаррама Турғунбоева номидаги "Баҳор" давлат рақс ансамблининг концерти бошлаб берди. Маскатдаги "Mall of Oman" савдо марказида бўлиб ўтган концерт дастури ўмонликлар ва хорижлик сайёҳлар томонидан катта қизиқиш билан кутиб олинди.
Юртимиз делегацияси ташрифи давомида "InterContinental Hotel" маросимлар залида Ўзбекистон туризм тақдимотига бағишланган "Road Show" тадбири ўтказилди. Ундан Ўзбекистон ва Ўмоннинг туризм соҳаси вакиллари, туркомпаниялар ва сайёҳлик агентликлари раҳбарлари қатнашди.
Тадбир аввалида "Баҳор" давлат рақс ансамбли ҳамда жорий йил 23-25 апрель кунлари Хива шаҳрида ўтказилган IV Халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиси Ўмоннинг "Al-Shahbaa" гуруҳининг концерт дастури бўлиб ўтди.
Элчи Абдусалом Хатамов "Road Show" тадбирининг очилиш қисмидаги нутқида Ўзбекистон ва Ўмон ўртасидаги алоқаларнинг бугуни ҳолати ва истиқболлари ҳақида тўхталди. Юртимизда барча соҳаларда кечаётган сўнгги янгиланишлар, хусусан сайёҳлик йўналишини ривожлантириш, янги меҳмонхоналарни қуриш, хорижлик туристларга тақдим этилаётган шароитлар тўғрисида маълумот берилди.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси ходимлари томонидан ўтказилган юртимиз сайёҳлик салоҳиятга доир тақдимот ўмонликларда катта қизиқиш уйғотди.
Ўмонда Ўзбекистон туризм салоҳиятини фаол тарғиб қилиб келаётган саёҳатчи Носир аль-Нуъманий юртимизга қилган ташрифлари давомида олган таассуротлари ҳақида сўзлаб берди. У, шунингдек, мамлакатимиз туризм салоҳияти, юртимиздаги ўзгаришлар, сайёҳларга бўлган ҳурмат ва эътибор ҳамда икки давлатни ўзаро боғлаб турган тарихий ришталарга тўхталди.
"Road Show" тадбири доирасида Ўзбекистон-Ўмон сайёҳлик компаниялари вакиллари ўртасида "В2В" шаклидаги учрашув ташкил этилди.
Ўзбекистон Туризм қўмитаси раиси Умид Шодиев ташриф доирасида Ўмон туризм вазири Салим ал-Маҳруқий ва Савдо-саноат палатаси бошқарув кенгаши раисининг ўринбосари Хамуд ал-Саъдий билан расмий учрашувлар ўтказди. Уларда туризм соҳасида икки томонлама алоқаларни ривожлантириш, икки давлат туризм идоралари ўртасида англашув меморандумини имзолаш ва шу йил август ойида ўмонлик тадбиркор аёлларнинг Ўзбекистонга сафарини уюштириш масалалари муҳокама қилинди.